Ўзбекистон президенти бош вазир бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи кенгашга уч ой муддатда вазирлик ва идораларни Янги Тошкентга кўчириш бўйича таклиф киритишни топширди.
Ўзбекистон бош вазири Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, Москва вилоятида юз берган теракт муносабати билан Россия халқига ҳамдардлик билдирди. Бир қатор вазирлар ва парламент палаталари раҳбарияти вакиллари ҳам ҳамдардлик китобига ўз ёзувларини қолдирди.
Президент бош вазирга Ўзбекистонда 2025 йилдан Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилишни топширди. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилади.
Президент 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани, ҳокимлар буни режа ҳам қилмаганини айтди. Бош вазирга мазкур туманлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Бош вазири Абдулла Арипов барча давлат ташкилотларига бюджет ва ундан ташқари маблағлар ҳисобидан Янги йил байрами муносабати билан байрам дастурхони ёзишни ва корпоратив йиғилишлар ўтказишни тақиқлади.
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамаси ходимлари «Яшил макон» лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида кўчат экди.
Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом саммитида Ғазодаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш муҳокама қилинди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов аъзо давлатларни Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа масканлар дахлсизлигини таъминлашда имкониятларини сафарбар этишга чақирди.
Бош вазир Абдулла Арипов МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида ҳамдўстлик мамлакатлари энергетика тизимларининг яхлит ишлаши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, МДҲнинг ягона электрон тижорат платформасини яратишни таклиф этди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида юқори технологияларни ривожлантириш ва ташкилот ҳудудида соддалаштирилган озиқ-овқат ҳаракатини таъминлаш бўйича янги иқтисодий мулоқот дастурини қабул қилишни таклиф этди.
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Чехияга расмий ташрифи якунида 800 млн евродан зиёд инвестиция ва савдо шартномалари, шунингдек, реадмиссия ва транзит, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш каби битимлар имзоланди.
Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Россиянинг Ўзбекистонда мактаб қуриш таклифи интернетда нотўғри талқин қилинаётганини билдирди. Унинг айтишича, давлатлар бир-бирининг ҳудудида мактаб қуриши жаҳон тажрибасида бор ва шундай мактаб қурилса ҳам, унинг дастури ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида ядро тиббиёти соҳасида стратегик шериклик, 2023−2024 йилларда кадастр баҳолаш тизимини яратишда Ўзбекистон томонига текин техник ёрдам кўрсатиш, РФга пахта ип-калавасини етказиб бериш тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бош вазирининг амалдорларга ё динни, ёки давлат ишини танлаш талабини қўйгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳукумат раҳбари матбуот хизмати ушбу хабарларни рад этиб, тармоқ фойдаланувчиларидан бундай хабарларга ишонмасликни сўради.
2023 йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13,3 фоизга ўсиб, 215,8 млн долларга етди, дея хабар қилинди ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг Чўлпонотадаги йиғилишида. Томонлар бу кўрсаткични 2 млрд долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тбилисига расмий ташриф билан бориб, Грузия ҳукумати раҳбари Ираклий Гарибашвили билан учрашди. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023−2024 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини имзолади.
Остона халқаро форумида иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Марказий Осиёда ҳамкорлик янги босқичга ўтганини қайд этди. Шунингдек, иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги каби муаммоларни санаб, ҳамкорлар ва инвесторларни Орол муаммосига эътибор қаратишга чақирди.
Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги тариф ва нотариф тўсиқларини бартараф этиш, бозорларга киришни соддалаштириш бўйича келишув тузиш ва яшил ҳамда экспресс йўлаклар орқали божсиз схемаларини шакллантиришни қўллаб-қувватлади.
Россия бош вазири Михаил Мишустин Самарқандда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашувда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича келишувларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг